Оқ Уй махсус вакили Ислом Каримов билан учрашди – bbc uzbek


Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан алоқаларини қайтадан яхшилаш ниятида

Америка Қўшма Штатларнинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили Ричард Ҳолбрук бугун Марказий Осиё давлатларига илк сафарини бошлар экан, Ўзбекистонга келган ва президент Ислом Каримов билан мулоқот ўтказган.

Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси баёнотига кўра, Ҳолбрук президент Каримов билан икки томонлама муносабатларга оид бир қанча масалалар, хусусан, қўшни Афғонистондаги вазият ва бу ердаги халқаро кучлар саъй – ҳаракати билан боғлиқ муаммоларни муҳокама этган.

Ҳолбрукнинг минтақага ташрифи хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолда ўтмоқдаки, аксар расмий хабарларга кўра бугун Қирғизистонда кутилаётган эди.

У Ўзбекистондан сўнг Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан ҳам учрашади, лекин ташрифнинг қай тартибда ўтиши ҳамон сир қолмоқда.

Махсус вакил мазкур минтақадан сўнг Гуржистонга ҳам сафар қилади.

Ричард Ҳолбрук АҚШнинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили сифатида Марказий
Осиёга илк бор сафар қилар экан, АҚШ элчихонасига кўра, унинг Ўзбекистонга ташрифи ўтган йилнинг декбар ойида Вашингтонда бошланган Ўзбекистон билан иккитомонлама тузилмавий сиёсий мулоқот дастури асосида амалга ошган.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларини озиқ-овқатлар ва ноҳарбий юклар билан таъминлашда асосий транзит йўлига айланган.

Ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан муносабатларни янги, юқори даражага кўтарувчи ҳаракат дастурини тасдиқлаган эди.

Ана шу дастурда феврал ойида Ҳолбрукнинг ташрифи кўзда тутилган эди.

Мазкур ҳужжаатга кўра, Ўзбекистонга АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон хоним ташрифи ҳам режаланган бўлиб, буни америка элчиси инкор этмасада, тасдиқлагани ҳам йўқ эди.

Бироқ элчи Ричард Норланд икки давлат ўртасидаги “мулоқот кучайиб бораётгани” ва АҚШнинг бу жараёнга жадал тус бериш истаги борлигини билдирганди.

Бугунги ташриф ана шу режанинг амалга ошаётганидан дарак беради.

Шарҳловчиларга кўра, Қўшма Штатлар Марказий Осиё билан яхшироқ алоқаларга эга бўлишга ҳаракат қилаётир.

Яқинда, АҚШда нашр этилувчи нуфузли “Уол Стрит Жорнал” нашри Қўшма Штатлар айниқса Ўзбекистон билан алоқаларини илиқлаштириш йўлида қадамлар ташлаётганини ёзди.

Икки мамлакат алоқалари 2005 йил майида Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан анча совуқлашганди.

bbc uzbek

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: