Бозор иқтисодиёти ва соқол муаммоси – Толиб Ёқубов


Ушбу ҳажвия 1998 йили ёзилган. Ҳукумат топшириғи билан милиция ва бошқа органлар ходимлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларини амалга ошириб соқол ўстирган мўмин-мусулмонларнинг соқолига ёппасига ҳужум бошлашди. Кўпчилик ҳозиргача бунинг асл моҳиятига тушунган эмас. Асл моҳият шундан иборат эди-ки, жамиятда ислом таълимоти орқали соф виждонли, иймон-эътиқодли, табиатан ижтимоий иллатлар (порахўрлик, зўравонлик, зинокорлик, етим-есир ҳаққига хиёнат ва ҳоказо) га қарши бўлган инсонлар тезлик билан кўпайиб бораётган эди.
Буни ҳокимиятда қолган коммунистлар тушуниб етдилар. Масаланинг сиёсий жиҳати шундан иборат эди-ки, 1994 йилга келиб биринчи марта коммунистлар учун сайловларда мағлубиятга учраш хавфи туғилди. Жамиятда халқни ўз орқасидан эргаштира оладиган куч пайдо бўлаётгани уларни саросимага солиб қўйди.

БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ ва СОҚОЛ МУАММОСИ

«Марказий Осиё ХХI аср бўсағасида. Бозор иқтисодиёти ва ислом фундаментализми» илмий симпозиумида қилинган доклад.

Ўзбекистон шиддат билан ўз йўлидан бормоқда. Эшитгансиз, унинг ўзига мос, ва айтиш мумкин-ки, айниқса ўзига хос йўли бор. Мамлакатимиз собитқадамлик билан раҳбарларимиз кўрсатган ўша йўлдан шаҳдам кетмоқда. Уни қисқа қилиб «ўзбек модели» дейишади.
Ана шуни кўпчилик тушунишмаётибди. Чет элликлар буни ҳеч ҳам тушуна олмайдилар, чунки улар бизнинг йўлдан ўтган эмаслар, бироқ биз ҳам уларнинг йўлидан ўтмаймиз, чунки ўзимизнинг йўлимиз бор. Масалан, Германияда ҳеч қачон ислом фундаментализми бўлган эмас, бизда эса кўзинг сал шамғалат бўлса бас, соқол қўйган фундаменталистлар дарров ҳукуматни эгаллаб олмоқчи бўладилар. Жуда ҳукуматга ўч бўлишар экан. Кейинги пайтларда биз билан оғайнилашиб бораётган Америка ҳам бизнинг йўлни яхши тушунмаётибди, чунки, масалан, ўзингиз биласиз, уларда колхоз-совхоз бўлган эмас, шунинг учун ҳам иқтисодни колхоз-совхоз асосида қурилса ҳақиқий бозор бўлиб кетишини улар тушунмайдилар.

Нима учун биз қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришаяпмиз? Бунинг асосий сабаби, гарчи биз номини ўзгартирган бўлсак ҳам (ҳозир «жамоа хўжалиги» ва «давлат хўжалиги» дейилсада, халқимиз бу янги атамаларга яхши ўргана олмади, шунинг учун «колхоз» ва «совхоз» атамалари худди «раис бува», «райком бува» атамалари каби ҳозир ҳам халқимиз оғзида азиз) – шундай қилиб, бунинг асосий сабаби – моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда колхоз ва совхозларни сақлаб қолишимиздадир. Илгари колхоз-совхоз охуридан ким ем еган бўлса, ҳозир ҳам ўшалар бозор қилиб еб ётишибди. Халқимиз хурсанд, чунки: «Раҳбарлар тўйса – эл тўяди» деган эскидан, совет давридан қолган мақол бор.

Лекин, «қўй бўрисиз бўлмайди» деганларидек, баъзан оғзига эрк берадиганлар ҳам топилиб туради ва кўзини лўқ қилиб,: «Қачон халққа ҳам тегади, қачон халқнинг қорни тўяди?» – деб безбетларча сўраб қолишади. Ана шундайларни мен ёқтирмайман. «Ҳой – дейман мен ўшандақаларга, – аввал раҳбарлар тўйволсин, номард, раҳбарлар турганда сенга нима бор, ўлганингча сенга ҳам бир нарса тегиб қолар».

Ўзбек модели бўйича, бозор иқтисоди авваламбор раҳбарларга қаттиқ эътибор қилади, чунки жамиятни тўқ, бақувват раҳбарлар бошқармаса, ўзингиз биласиз, иқтисод узоққа бормайди. Совет даврида ҳам жамиятни ҳирсдай тўқ раҳбар-коммунистлар бошқаргани учун уларнинг ҳукумати 70 йил турди.

Бизда мухолифат дегани бор. Қарасам шулардан биттаси бир кун: «Нима учун прокурорларнинг уйи қаср, прокурор ойлигини вақтида ололмабди деб эшитганмисизлар?» – деб халқни чалғитаяпти. «Ҳо-о-в, – дедим мен ўша жойда, – оч прокурор қонунни ҳимоя қила оладими, прокурорларнинг тўқ бўлиши ўзбек моделига киритилганини эшитмаганмисизлар, халқни ўзимизнинг тўғри йўлдан бошқариб кетиш учун прокурорларимиз тўқ бўлиши керак-да!».
Раҳбарларимиз «ўзбек модели» дея бошлагандан кейин мухолифатнинг ҳаммаси жимиб қолди, чунки «ўзбек модели», юқорида айтганимиздек, биринчи навбатда эътиборни прокурорларга қаратади.

Шундай қилиб, бозор иқтисодиёти сохасида Ўзбекистонимиз оламшумул ғалабаларга эришмоқда. Бу «ўзбек модели»нинг шарофати, албатта. Баъзи катта раҳбарларимизнинг гапига қараганда уни бошқа мамлакатлар олиб ишлатса бўлар экан. Масалан, қўшнимиз Қирғизистон, Қозоғистон, ва ҳатто Русиянинг ҳам ўз йўли йўқ, ана шулар олиб ишлатса бўлади. Яқинда Африка қитъасидан бир қоп-қора давлат «Биз ўзбек моделини олиб ишлатамиз» деб эълон қилибди. Анча нарсадан хабари бор бир ошнам (унинг ҳукуматда танишлари бор) Океаниядан бир давлат, Амазонка воҳасида яшайдиган бир қабила, Непал билан Бутан оралиғидаги бир қишлоқ ҳам ўзбек моделига қизиқиб қолишган эмиш, деб айтиб қолди. Қаранг, ҳатто Беларусь президенти Александр Лукашенко Тошкентга ташриф буюрганида: «Ўзбек модели бизга ёқиб қолди, биз шу йўлдан кетамиз» деб, ватанига қайтгач, дарҳол бешта газетани ёпиб ташлади ва бир зумда оламга машҳур бўлиб кетди. Бу ҳам ўзбек моделининг куч-салоҳиётидан дарак бериб турибди. Тепадаги баъзи одамларнинг гапига қараганда ҳали ўзбек модели талаш бўлиб кетармиш.

Лекин тан олишимиз керак, бизда ҳам унча-мунча муаммолар бор, жуда ҳам йўқ деб бўлмайди. Шулардан биттаси, балки энг асосийси бўлиши мумкин, бу – соқол масаласи. Олимларимизнинг олиб борган тадқиқот ишларига қараганда ёши 40 гача бўлган одамлар орасида соқол қўйгани қанча кўп бўлса, иқтисод шунча орқага кетаверар экан, яъни мамлакатда бозор иқтисодининг равнақи жамиятда соқол қўйганлар сонига тескари пропорционал экан. Бу буюк кашфиёт илгари маълум эмас эди, раҳбарлар ва олимларнинг саъй-ҳаракати билан энди маълум бўлди. Одам қанча кам иш ҳақи олса, шунча қаттиқ ишлашини биламиз. Шундан бўлса керак, бизнинг олимлар ана шунақа буюк кашфиётлар қилишмоқда. Майли, бу – бошқа масала, асосий масаламиз – соқол масаласи, унинг бозор иқтисоди шароитида ўта зарарли эканлиги ҳақида.

Ҳамма ёқни соқол босиб кетди, қаёққа қараманг – ҳамма ёқда соқол. Қаранг, институтларда ўқийдиган тирранча талабалар ҳам ўзларича соқол қўйволишган. Тушунишмайди!!! Бу ўзбошимчалик бозор иқтисоди табиатига сира ҳам тўғри келмаслигига уларнинг ақли етмайди. Шундай деймиз-у, тушунган баъзи домлалар ҳам талабаларига тақлид қилиб соқол қўйиб юришибди. Тўғрисини айтганда, уларда ватанпарварлик руҳи етишмайди. «Ҳой тирранчалар, сенинг соқол қўйишинг билан халқ турмушининг яхши-ёмон бўлиши ўртасида узвий боғланиш бор-ку! Нима, соқол қўйиб халқнинг турмушини пасайтирмоқчимисанлар? Ҳе, соқолинг қуриб кетсин!» – деб қўйиш аслида ўшалардан лозим.

Соқол қўйишидан ташқари, энг ёмони, энг чидаб бўлмайдигани, ўша тирранчалар ётоқхоналарида номоз ўқийдиган жойлар қилиб олишган экан. Бу, энди, қип-қизил зараркунандалик, бу энди, бозор иқтисодиёти эмас! Илгари коммунистлар бозор иқтисодини қанчалик тушунмаган ва хоҳламаган бўлсалар, булар ҳам худди ўшалардай. Раҳбарларимизга минг марта шукр, бизда ҳозир коммунистлар йўқ, уларнинг ҳаммасини йўқ қилиб юборишди. Бировлар: «Раҳбарларимиз уларнинг ҳаммасини бозор иқтисодига ўтказиб юборишган» дейишса, бошқалар эса: «Уларни бир кечада қандайдир бир бўёққа бўяб қўйишган, улар орамизда юрса ҳам, кўринмайди» дейишади. Қайси гап тўғри эканлигини айтиш қийин, бироқ раҳбарларимиз коммунистларни «қириб» ташлаганини биламиз.

Лекин пешонаси шўр халқимиз коммунистлардан қутулар-қутулмас, фундаменталист деганга тутилиб қолди. Фундаменталистларнинг ичида энг хавфлиси ўша тирранча серсоқол талабалар дейишади. Сабаби -улар иймон-эътиқод билан Оллоҳ йўлига ўтишар экан. Уларни ўзимизнинг ўзбек йўлига, раҳбарларимиз чизиб кўрсатган йўлга ўтказиш учун нима қилиш керак? Аграр университет, Олий техник университет ва бошқа бир неча олий мактаблар бошлиқлари бу ишни шундай қойил-мақом қилиб бажардилар-ки, ўша тирранча талабаларнинг эътиқоди 1800 га бурилиб қолди. Бу масканларда талабаларга «Мен худога ишонмайман, худо йўқ» деб шапалоқдай-шапалоқдай хат ёздириб олишган, номоз ўқийдиган жойларини йўқ қилишган.

Бозор иқтисодиётига, ўзимизнинг йўлга тўсқинлик қиладиган нарсаларга йўл қўйиш керак эмас-да, ахир!

Лекин, қоғоз ёздириб олиш ҳали масала тўлиқ ечилди, деган гап эмас. Бозор иқтисодиёти ва ўз йўлини тўғри тушунган раҳбарлар бозор иқтисодиёти тўғри йўлдан чиқиб кетмаслиги учун дарҳол тўғри чора кўришди – фундаменталистларнинг соқолига ёппасига ҳужум бошланди. Рост-ростмаслигини айта олмайман-ку, операциянинг номи ҳам «Ҳужум» деб аталган эмиш. Сиз яна коллективлаштириш давридаги «паранжига ҳужум»ни тушунманг, у бошқа ҳужум. Унда хотин-халажнинг бошидаги паранжи-чачвони юлиб олинган-да (қўл билан албатта), гулханга ташланган. Ҳозирги ҳужумда эса ҳар бир декан, унинг ҳар бир ўринбосари ва бошқа раҳбарлар қўлида қайчи (пакки, электр машинка) билан ҳалиги тирранчаларга ҳужум қилади ва соқолига тармашади. Қочганнинг фойдаси йўқ, чунки қочганинг билан сомонхонага… э-э, кечирасиз, ётоқхонага бориб тўхтайсан. Олдирсанг олдирдинг, йўқса эртагаёқ паттангни қўлингга берамиз, тўрт томонинг қибла!

Чет элликларга сал ғайритабиийроқ туюлиши мумкин бу, лекин мажбурлаб соқоллар олдирилгач, бозор иқтисодининг гуркираб кетганини кўрсангиз! Бирдан ойликлар, пенсиялар ошиб, нархлар тушиб кетиб, Америка долларининг сариқ чақачалик қадри қолмади. Ҳамма ҳайрон, америкаликлар саросимада…

Ҳаммангизнинг хабарингиз бор, яқинда Осиёда бирдан иқтисодий кризис бошланиб кетди. Индонезиядек ривожланган давлат ўзини осиб қўйишга сал қолди. Япония, Жанубий Корея каби бели бақувват давлатлар ўтириб қолаёзди. Нега шундай бўлди, сездингизми? Фикрингиз тўғри, молодец, унга қўшиламан. Соқолга ҳужум бошлангандан кейин бизда иқтисод кескин кўтарилиб кетди, уларда эса кескин тушиб кетди. Соқолли фундаменталистлар ўта ичи қора одам бўлар экан. Улар соқол қўйишса бизда иқтисод инқирозга учраб, чет элликларнинг иқтисоди эса ривожланиб кетар экан! Ана шуни бизнинг зукко раҳбарларимиз зукко олимлар ёрдамида сезиб қолишди. Нима қилиш керак шундай пайтда? Бу фикрингиз энди нотўғри, унга қўшила олмайман. Бунда демократик йўл кетмайди. Фақат қаттиққўллик, фақат ҳужум, фақат таг-томири билан йўқ қилиб юбориш! Тушунмаяпсиз, соқолини эмас, – ўзини! Давлатингизнинг келажаги буюк, иқтисодингиз ўта ривожланган бўлиши учун ёши қирққача бўлган, соқол қўйган эркакларни… Йўқ, ҳаммасини эмас. Соқол қўйган яҳудий, насроний кабиларга тегмайсиз. Чунки уларнинг соқоли ҳалиги хусусиятга эга эмас экан – буни ҳам бизнинг олимларимиз аниқлашди. Лекин, бирдан ўзини йўқ қилиб юборсангиз гап-сўз бўлади. Шунинг учун аввал соқолдан бошлаш керак.

«Фундаменталист», «ваҳҳобийчи» деганлари битта одам, фарқи йўқ. Ҳаммасининг соқоли бор. Ҳаммаси ҳам бозор иқтисодиётига ашаддий душман. Уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, ҳар бир товуш чиқариши бозор иқтисодиётига зарар! Масалан, улар жума номозларида имомга эргашиб овоз чиқариб «омийн» дейишса, бу албатта мамлакатимизга чет эл сармояларининг кириб келишига монеълик қилар экан, улар, яъни «ваҳҳобийчи»лар, сафда турганда, орамизга шайтон ораламасин деб елкама-елка зич туришса, бу ҳам колхоз-совхоз тузумимизга зарар келтирар экан, яъни бу тузумнинг бозор иқтисодиётига босқичма-босқич кириб боришига тўсқинлик қилар экан. Кўргандирсиз, «ваҳҳобийчи»лар «Аллоҳу акбар» деганда икки қўлини юқорига кўтариб қўйишади. Бу энди бозор иқтисодининг томирига болта уриш билан баробар – бунга асло йўл қўйиб бўлмайди, албатта.

Ана шу ва бундан бошқа кўп нарсаларни тушуниб етгандан кейин, жойлардаги раҳбарлар: «Бўлди энди, бу бизнинг ўзбек моделига тўғри келмайди, иш шу тахлит кетадиган бўлса бизда ҳеч қачон бозор иқтисоди бўлмайди» – деб, халқни ўйлаб, мамлакат келажагини ўйлаб мачитлардан, корхоналардан, олий мактаблардан соқолли «ваҳобийчи»ларни қувишнинг тўғри йўлига, яъни ўзимизнинг ўзбек йўлига ўтдилар.

Бу, албатта, турли жойларда турли хил усуллар билан амалга оширилмоқда. Масалан, Тошкент ёнидаги Улуғбек посёлкасидаги ягона мачит олдига бозор иқтисодиётига эътиқоди зўр бўлган иккита милиционерни қўйиб, мачитга номоз ўқишга келган соқолли одамларнинг паспортини текширтириб, ундаги маълумотлар билан бирга қаерда ишлаши ёки ўқишини ёзиб олиб, агар соқолини олдирмаса, у ҳолда ўзига қийин бўлишини шипшитиб қўйишмоқда. Наманганда эса улар билан адди-бадди айтишиб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри қамоққа жўнатилаяпти, яъни ўзимизга хос йўл қўлланилаяпти. Бу энди, ўзингиз биласиз, ўзимизга мос ҳам йўл.
Олимларимиз кейинги пайтларда бозор иқтисодига соқолдан бошқа яна бир қанча нарсалар ҳам салбий таъсир этишини сезиб қолишибди. Масалан, аёлларнинг ҳижоб кийиб юриши мамлакатимизда тракторсозликнинг ривожланишига асосий тўсиқ экан. Сочи узун-да, тушунишмайди. Сенинг ҳижобинг неча пул-у, деҳқонга зарур тракторлар неча пул? Сенинг ҳижоб кийишинг кўп бўлса, унинг оқибатида деҳқоннинг қўлига трактор келиб тегмаса, ёки теккани ҳам синаверса, ўргилдим сенинг ҳижобингдан!

Бундай ақли паст, халқ душманларининг бизга кераги йўқ! Бизнинг йўлга тўғри келмаса, бир ҳужум билан йўқ қилиб ташлаш керак. Ўшанда тракторлар ҳам кўпаяди, синиши ҳам камаяди, қишлоқ хўжалиги ҳам гуркирагандан гуркираб кетаверади.
Мачитларда азонни карнайлар, овоз кучайтиргичлар билан айтилиши, аслида, иқтисодга, айниқса бозор иқтисодига жуда зарар эканини анчадан бери сезиб юрардик. Ҳозирги ҳукуматимизнинг асосий душмани бўлган коммунистлар ўз вақтида карнайлар, овоз кучайтиргичлар у ёқда турсин, мачитларни ҳам ёпиб ташлашган. Буни улар нима сабабдан қилганини айтиш қийин, бироқ ҳозирги кунда мачитлардан карнайлар, овоз кучайтиргичларни олиб ташланишининг сабаби аниқ – улар бозор иқтисодининг ривожланишига тамоман қарама-қарши нарса экан, шундай бўлгандан кейин улар – ортиқча!

Буни муфтий ҳазратлари Абдурашид қори ҳам тўғри тушунар эканлар, у киши буни дона-дона қилиб асослаб бердилар. Муфтий ҳам, ўзингиз тушунасиз, тиш-тирноқлари билан бозор иқтисоди тарафдори. Бир мажлисда у кишидан бир одам: «Домла, эрталабдан кечгача ҳар қадамда радиокарнайини бўкиртириб, қулоқни батангга келтириб, чет эл музикасини қўйиб, кассета сотиб ўтирганларга муносабатингиз қандай?» – деб сўраган экан, Абдурашид муфтий: «Бозор иқтисодига нима нарса ёрдам берса, мен ўша нарса тарафдориман. Қулоқни батангга келтирадими, йўқми, ёмғирнинг суви экилган бўғдойга қандай ёқса, бу музика ҳам бозор иқтисодига шундай ёқади» – деганларини ўша одам чойхонада завқ билан гапириб бериб ўтирганини эшитганман. Шу сабабдан ул зот яқин келажакда мачитларда ҳам «Звукозапись» точкаларини очишга фатво бериб қолишлари ажаб эмас. Агар шундай бўлса, бундан мамлакатимиз иқтисоди фақат ютади.

Яна соқолга қайтсак. Юқорида айтувдик, улар, яъни соқоллилар (ваҳҳобийчилар деса ҳам бўлаверади) ҳукуматни эгаллашга жуда ўч бўлишар экан. Уларнинг яна бир ярамас одати – наркотик деган нарсага, ўзбек модели тили билан айтганда, нашага ҳам жуда ўч бўлишар экан. Милиционерлар уларга қўл теккизишмаса ҳам ёнларидан, машиналаридан ёки уйларидан наша чиқаверади. Ўзлари чекмасалар ҳам кўтариб юрадиган одатлари бор. Ҳамма гап шундаки, улар милиция ходимлари, прокурорлар, судьялар, ҳукумат одамларидек пок одамлар эмас. Милиционерлар, прокурорлар, судлар уларнинг нопоклигини осонгина исботлаб ташлайверишади, шунинг учун улар «ғинг» демасдан турмага кетаверадилар. Турмаларда улар бозор иқтисодидан дарс олиб, ўзбек модели нима эканини тўлиқ англаб чиқишади. Чиқишса, албатта. Чунки чиқмай қолишлари ҳам мумкин. Охирги пайтларда чиққандан чиқмай қолган ҳоллари кўп, чунки чиқарсангиз, улар дарров соқол қўйишиб, бозор иқтисодини чаппасига айлантириб юборишади.

Соқол қўйишликнинг иқтисодга ёмон таъсир этадиган яна талай жиҳатлари бор экан, бироқ улар ҳали олимларимиз томонидан илмий асосланганча йўқ. Масалан, «ваҳҳобийчи»ларнинг соқоли қандайдир йўллар билан плёнка остига экилган пахтага таъсир этар экан. Албатта, ўзингиз тушунасиз, яхши таъсир эмас. Ана шу ёмон таъсир механизмини олимларимиз ишлаб чиқишса, бу – мамлакатимизда «ваҳҳобийчилик»ни таг-томири билан йўқ қилиб юборишга бемалол асос бўла олади. Ундан кейин «халқимиз коммунизмда яшаяпти», деб ҳисоблаш мумкин, чунки ватанимизда бозор иқтисодига қаршилик қиладиган нарсанинг ўзи қолмайди.

Эътиборингиз учун ташаккур.

http://yangidunyo.com/?p=9774

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: